Новости Кашкадарьи

Официальный веб-сайт газеты "Новости Кашкадарьи"
20 август 2022 год, суббота.                 Специальная версия UZ

БЎЛАЖАК ОЛИМПИЯ ЧЕМПИОНЛАРИ МАСКАНИ

Спорт

Куни кеча Қарши шаҳрида жаҳон талабларига жавоб берадиган ихтисослаштирилган дзюдо зали фойдаланишга топширилди.

Вилоят марказидаги 11-умумтаълим мактаби ҳудудида қисқа муддатда бунёд этилган бу замонавий спорт иншоотининг тантанали очилиш маросими Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, ёш спортчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу спорт мажмуаси Халқ таълими вазирлиги ва мазкур федерация томонидан амалга оширилган кенг қамровли лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг 11 та вилоятида барпо қилинган 13 та ихтисослаштирилган дзюдо залларидан сўнггисидир.

- Мақсадимиз - жамиятнинг бошланғич нуқтаси бўлган оила ҳамда маҳаллаларда оммавий ва профессионал спортни янада ривожлантириш, кенг аҳоли қатлами орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдан иборат, - деди залнинг очилиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов.

Шунингдек, Ўзбекистон спортни ривожлантириш  вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари вилоятимиздаги спорт таълим муассасаларининг фаолиятини обдон ўрганиб, Қашқадарёда спортни ривожлантиришнинг  истиқболли режаларига бағишланган     йиғилиш ўтказишди.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Report typo